«Арсенал» жамоасининг собиқ футболчиси, ҳозирда таҳлилчи сифатида фаолият юритаётган Пол Мерсоннинг фикрига кўра, лондонликлар бош мураббийи Арсен Венгер агар бу мавсумда чемпионликни «Лестер» ёки «Тоттенҳэм»га бой бергудек бўлса ўз лавозимида қолмаслиги керак.

«Агар «Арсенал» ўзи ёки «Манчестер Сити» чемпион бўлмасдан, Лондоннинг бошқа жамоаси «Тоттенҳэм» ёки одатда турнирда аутсайдер ҳисобланадиган «Лестер» чемпионликка эришса, унда Венгер кетиши керак бўлади. Агар сен мавсум аввалида жамоани кучайтиришга ҳожат йўқлигини айтсанг, кейин чемпионликни «Лестер» ёки «Тоттенҳэм»га бой берсанг, ўзингни оқлашнинг йўли бўлмайди.

Агар чемпионлик «Сити»га насиб этса, буни тушунса бўлади. Бу жамоанинг пули кўп ва трансферларда фаол ҳаракат қилади. Мободо, «Лестер» титулга эга чиқадиган бўлса, билмайман Венгерга қолиши учун ким ёрдам беради. У ўзи жамоани кучайтиришни истамаяптими? Шунда ҳам уни ўз ўрнида қолдириш керакми?», – дейди Мерсон.