Россия маданият вазирлиги америкалик актёр Леонардо ДиКаприони "Оскар" мукофоти олгани билан Владимир Путин билан бирга тушган суратига ишланган коллаж билан табриклади. Коллаж вазирликнинг инстаграмдаги саҳифасида чоп этилди.

Суратда ДиКаприо ва Путин тасвирланган бўлиб, унга "Раҳмат, Владимир Владимирович! – "Арзимайди, эсингдан чиқар" (Спасибо, Владимир Владимирович! – Да фигня, забудь) деган матн қўшилган. Коллаж гўёки актёр "Оскар" олишида Путиннинг ҳиссаси борлиги учун унга миннатдорчилик билдираётгандек ишланган.  

"Биз Леога мухлислик қилдик!" («Мы болели за Лео! #спасибо #ктоеслинеон»), дейилмоқда вазирлик инстаграмида. 

ДиКаприо "Омон қолган" фильми учун биринчи марта "Оскар" мукофотини қўлга киритди. Аввалроқ актёр Путиннинг ролини ўйнашга тайёрлигини билдирганди. "Путинни ўйнаш жуда-жуда қизиқ бўларди, мен унинг ролини мамнуният билан ижро этган бўлардим", деб айтганди Лео. Актёр Путин билан бир неча йил аввал Санкт-Петербургда сибирь йўлбарсларини қутқаришга бағишланган форумда шахсан учрашган.

Охирги вақтларда ДиКаприо бир неча бор Россияга таклиф қилинган. Жумладан, Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский ҳам актёрни "Оскар" олгани билан табриклади ҳамда уни яна Россияга келишга таклиф қилди.

Леонардо ДиКаприонинг онаси рус илдизларига эга бўлиб, актёр Путин билан учрашганда бу ҳақда унга гапириб берган. "Мен ярмимга русман", деб айтганди актёр.