Саудия Арабистони мудофаа вазирининг маслаҳатчиси, генерал Аҳмад Асирий Sputnik агентлигига берган интервьюсида Сурияда қуруқликдаги ҳарбий операцияни ўтказиш масаласи сиёсий даражада ҳал қилингани, бироқ ҳали ҳарбий даражада муҳокама қилинмаганини айтди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.   

"Брюсселда мудофаа вазирлари бу қарорни сиёсий даражада қабул қилдилар. Ҳозирча ҳарбий даражада ҳеч қандай тайёргарчилик иши ўтказилмади. Бизда тайёр режа бўлганда, биз унга мувофиқ ҳаракат қиламиз ва қуруқликдаги операция амалга оширилади", деб айтди Асирий.

Аввалроқ Асирий АҚШ бошчилигидаги халқаро аксилтеррорчилик коалицияси мудофаа вазирлари икки ҳафта аввал Брюсселда Сурияда қуруқликдаги операцияни ўтказиш вариантларини муҳокама қилганларини маълум қилганди.

АҚШ Давлат департаменти вакили "бу маълумотлар ҳеч қандай асосга эмаслигини" айтган.