Лондоннинг «Арсенал» клуби ёзда таркибни кучайтириш учун катта миқдорда маблағ ажратишни режалаштирмоқда.

The Telegraph нашри берган хабарга кўра, Арсен Венгер бунинг учун клуб раҳбариятидан 75 миллион фунт стерлинг (деярли 100 млн. евро) маблағ олади. Жамоанинг асосий вазифаси марказий ҳимоячи ва марказий яримҳимоячи сотиб олиш бўлади. Шунингдек клуб «Лестер» ҳимоячиси Бен Чилуэллни ҳам сотиб олиш ниятида. Таркибда янги ҳужумчи ҳам пайдо бўлиши мумкин.

«Арсенал» ёзда Киран Гиббс ва Матье Дебюшини сотиш ҳамда шартномаси тугайдиган Матье Фламини, Микел Артета ва Томаш Росицкига жавоб бериб юборишни режалаштирмоқда.

Жамоанинг асосий мақсадларидан бири етакчи футболчилар Алексис Санчес ва Месут Ўзил билан шартномаларни узайтириш бўлиб турибди. Чилилик футболчи ҳозирда ҳафтасига 130 минг фунт, немис футболчиси эса — 140 минг фунт маош олади. «Арсенал» мазкур футболчиларнинг ҳафталик маошини 200 минг фунтга ошириш ва уларни клуб тарихидаги энг кўп маош олувчи футболчиларга айлантиришга тайёр бўлиб турибди.

Шунингдек, жамоа Пьер Мертесакер, Жек Уилшер, Санти Касорла, Алекс Окслейд-Чемберлен ва Аарон Рэмзи билан шартномани узайтиришни режалаштирган.

Арсен Венгернинг «Арсенал» билан тузган шартномаси 2017 йилда якунига етади. Шартномани узайтириш бўйича масала амалдаги келишув якунига етиши арафасида кўриб чиқилиши мумкин.