Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси жисмоний шахслар диққатига ўтган йилда олган жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни жорий йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топширишлари лозимлигини эслатиб ўтади.

Агар Сиз ўтган йилда:

  • мулк ҳуқуқи асосида ўзингизга тегишли нотурар жойларни, қимматли қоғозларни ҳамда турар жойларни 12 ой ичида бир мартадан ортиқ сотишдан;
  • мол-мулкингизни (автотранспорт, дала ҳовли, уй-жой ва бошқа бино, иншоот) ижарага беришдан;
  • муаллифлик фаолиятингиздан;
  • асосий бўлмаган иш жойингиздан моддий наф тарзида ва ўриндошлик асосида;
  • чет элдаги фаолиятингиздан;

Даромад солиғи ушлаб қолинмаган бошқа манбалардан даромад олган бўлсангиз, доимий яшаш жойингиздаги давлат солиқ инспексиясига жорий йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этишингиз лозим.

Жисмоний шахслардан декларацияларни қабул қилиш даврида давлат солиқ хизмати органларининг иш вақтлари узайтирилиб, ҳафтанинг дам олиш кунларида ҳам масъул ходимлар хизмат кўрсатиши ташкил этилган.

Ҳар бир давлат солиқ инспексиясида декларацияларни тўғри тўлдириш бўйича очиқ эшик кунлари ва семинар машғулотлари ташкил этилиб, малакали маслаҳатлар бериб борилади. Декларация бланкалари бепул тарқатилади.

Жисмоний шахслар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни ўзлари учун қулай бўлган жойда ва куннинг исталган вақтида электрон шаклда топширишлари мумкин.

Бунинг учун Давлат солиқ қўмитаси расмий «Soliq.uz» сайтининг «Жисмоний шахслар учун» бўлимидаги «Электрон солиқ декларациялари» интерактив хизматига электрон рақамли имзо орқали кириш ва белгиланган декларация шакли тўлдирилиб жўнатиш тугмасини босиш кифоя.

Жисмоний шахслар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддаси 3-қисмига асосан жарима солишга сабаб бўлади.