Флорида штати Палм-Бич порти раҳбарияти Американинг диққатга сазовор жойларидан ҳисобланган 1961 йили президент Жон Кеннеди учун қурилган собиқ бункерни бузиб ташлашни режалаштирмоқда.

“20 йилдан буён бизни ҳайдамоқчи бўлишади”, - қачонлардир махфий бўлган жойни ижарага олиб 1998 йилдан буён сайёҳлар келадиган Палм-Бич Денгиз музейи назоратчиси Энтони Миллернинг сўзларини The Boston Globe газетаси эълон қилди.

“Отель” сирли номи билан аталган бункер АҚШ соҳил хавфсизлик базаси ҳудудида портга тегишли Пинат оролида жойлашган. Унинг бошқаруви ушбу диққатга сазовор жойдан моддий фойда олишга қаратилган ҳар қандай уринишларни қайтаради. Ўтган йили портовикларнинг фитналари туфайли музей 500 минг доллар миқдоридаги грантни ололмаган. Шунингдек, собиқ АҚШ соҳил хавфсизлик базаси ҳудудида ўтказишга рухсат берилган никоҳ маросимларининг сони 30 тадан 3 тага камайтирилган. Музейнинг бир йиллик харажати учун зарур 200 минг долларни ишчилар сайёҳларга чипта сотиш ва хайрихоҳ инсонларнинг эҳсонлари эвазига топадилар.

2017 йилнинг охирида бункер ижариси тўғрисидаги шартнома муддати ўз ниҳоясига етади. Порт раҳбарияти шартномани узайтирмоқчи эмас.