“Ал-Қоида” террористик тармоғи раҳбари бўлган марҳум Усама бен Ладен ўзининг кўп миллионли давлатининг каттагина қисмини радикал исломчилар қадриятларини тан олмаганганларга қарши бутунжаҳон урушини молиялаштиришга сарфлашни васият қилган.

Шу мазмундаги маълумотлар мавжуд бўлган “биринчи рақамли террорист”нинг шахсий ҳужжат ва мактубларидан фойдаланиш ҳуқуқини Reuters информацион агентлиги сотиб олган, деб хабар беради ТАСС.

Бу далиллар 2011 йил Покистонда Америка махсус хизматининг бен Ладенни яксон қилиш операциясида қўлга киритилган эди.

113 ҳужжатдан иборат ушбу архивда Америка махфий хизмати томонидан васият сифатида белгиланган мактуб ҳам бўлган. Reuters баёнотига кўра, террорист 29 миллион доллар атрофида баҳоланган давлатининг аксар қисмини “муқаддас уруш” олиб бориш учун яқин қариндошларига васият қилган.

“Мен умид қиламанки, менинг акаларим ва опаларим, шунингдек, холаларим менинг иродамни бажарадилар ва мен Суданда қолдирган пулларнинг ҳаммасини Оллоҳ йўлидаги жиҳодга сарфлайдилар”, - хатдан парча келтиради агентлик. Мактубда марҳумнинг онаси, ўғли, қизи, тоғаси ва бошқа қариндошлари ўртасида бўлинадиган Саудия риали ва олтин қийматида аниқ пул ўлчовлари келтирилади.