Иллинойслик олимлар оддийгина ичимлик суви ортиқча вазндан қутилмоқчи бўлганлар ёки шакар, ёғлар ва холестерин истеъмол қилишни камайтирмоқчи бўлганларга беминнат ёрдамчи эканлигини яна бир бор исботладилар. Тадқиқот тафсилотлари Journal of Human Nutrition and Dietetics’нинг охирги сонида нашр этилган.

Диетологлар 18,3 минг нафар катта ёшдаги америкаликларнинг овқатланиш одатларини ўрганиб чиқдилар. Маълумотлар Миллий соғлиқни сақлаш ва озиқланишни текшириш доирасида 2005 йилдан 2011 йилгача ўтказилган тадқиқотдан олинди. Ҳар бир иштирокчидан икки кун давомида еган ва ичган ҳар бир нарсани санаб бериш сўралган. Маълум бўлишича, сўровда иштирок этганлар кунига ўртача 2,1 минг калория истеъмол қилганлар, улардан 125 калория шакарли ичимликлар, ва 432 калория – паст калорияли “диетик” ширинлик ва десертларга тўғри келган. Ҳар бир иштирокчи бир кунда ўртача 4 стакан сув ичган, бу умумий қабул қилинган ичимликларнинг 30 фоизини ташкил этади.

Қайта ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, бир кунда одатдагидан бир-уч стакан кўпроқ сув ича бошлаган одамлар кунлик калория истеъмолини 205 бирликка туширишган, бу 18 г шакар ва 21 г холестеринга тенг.