Етакчи ядровий мамлакатлар ядро қуролини камайтириш борасида дунёга биринчи бўлиб намуна кўрсатиши керак, деб маълум қилди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик миссиялар раҳбарлари билан бўлган учрашувда.

Назарбоевнинг фикрича, дунёни терроризм қамраб олаётган бир даврда қудратли мамлакатлар кучли қуролларга эгалик қилиб, бошқаларга буни таъқиқлаши мантиққа тўғри келмайди. Бошқа қўшни давлатлар ҳам ўз ҳудудларини ҳимоялаш учун ядро қуролига эгалик қилишни истаб қоладилар, бу эса жуда хавфли, фикрини давом эттирди Назарбоев.

Мамлакат раҳбари “Қозоғистон ҳам қурол тарқатмаслик режимини мустаҳкамлашга ўз изчил ҳиссасини қўшиб келаётган”ини эслатиб ўтди. Жумладан, Эрон ядровий дастурига оид халқаро музокаралар жараёнини қўллаб-қувватлади ва унга ўз амалий улушини қўшди.

“2016 йилда дунё Семипалатин ядровий полигони ёпилганининг 25 йиллиги, Марказий Осиёда эркин савдо битимининг 10 йиллиги, шунингдек, ядровий тажрибалар ўтказишни умумий таъқиқлаш келишувининг 20 йиллиги нишонланади. Ушбу тарихий саналар, барча мамлакатлар бир ёқадан бош чиқариб, ядро қуролидан холи дунёни тарғиб қилиши учун муҳим сабабдир”, -фикрини якунлади қозоғистонлик раҳбар.