АҚШ президенти Барак Обама БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Кореяга нисбатан резолюцияси қабул қилинганини маъқуллади. Бу ҳақдаги баёнот Оқ уй сайтида чоп этилди.

Обаманинг таъкидлашича, Хавфсизлик кенгашида қабул қилинган қатъий санкциялар Пхеньяннинг оммавий қирғин қуролларини яратиш дастурларини тўхтатишга қаратилган.

Обама резолюция Шимолий Кореянинг иғвогарликлари ва Хавфсизлик кенгаши талабларини бузишига қарши дунё ҳамжамиятининг жавоби эканлигини қўшимча қилди.

"Дунё ҳамжамияти Пхеньянга бир овоздан қатъий нома йўллади: Шимолий Корея хавфли дастурлардан воз кечиши ва ўз халқи учун энг яхши йўлни танлаши керак", деб айтди Обама.

Аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар пакетини маъқуллагани маълум қилинганди.