Чеченистон президенти Рамзан Қодиров истеъфога чиққудек бўлса, уй ишлари ва фарзандлар тарбияси билан машғул бўлади. Унинг ўзи бу ҳақда "Интерфакс" агентлиги учун берган интервьюси вақтида маълум қилган.

"Агар Чеченистон Республикаси президенти ўзгартириладиган бўлса, мен бўш бўламан ва уй ишлари билан, шунингдек, болалар тарбияси билан кўпроқ шуғуллана бошлайман. Менда улар 9 нафар. Шу вақтгача улар билан етарли мулоқот қилишга вақт топа олмайман. Бу яхши эмас. Болалар ҳар куни оталари билан бўлишлари, ҳар соатда сўзлашиб туришлари керак", дейди Қодиров.

Бундан ташқари, у Россия манфаатлари учун ишлашда давом этмоқчилигини билдирган.

"Ўзим ўрганишда ва бошқаларга ўргатишда давом этаман. Ватанимга хизмат қиламан. Исталган вақтда, агар Владимир Путин хизматга чақирса, бир пиёда каби унинг хизматида тураман! Бошқа саволларни эса тўхтатиб туринг, ундай саволларни биз муҳокама қилмаймиз", деган у.

Бундан олдинроқ, Рамзан Қодиров ўз келажаги Путин томонидан ҳал қилинишини айтгани ҳақида хабар берилганди.