Болливуд суперюлдузи Шоҳрух Хон ўзининг янги “Мухлис” (Fan) номли фильмининг трейлерини намойиш этди.  Юлдуз тақдимотда ўз мухлисларининг саволларига жавоб берди ва улар билан самимий мулоқотда бўлди. Лекин учрашувдаги энг катта янгилик – шов-шувларга сабаб бўлган “Мухлис” (Fan) фильми эди.

Фильм дехлилик ёш бола Гаурав (Gaurav) ҳақида бўлиб, картинада унинг ўз орзусига эришиш яъни энг севимли актёрининг туғилган куни билан табриклаш учун Мумбай шаҳрига бориши йўлидаги сайёҳати кўрсатилган. Гаурав Арян Ханна (Aryan Khanna) исмли актёрнинг энг ашаддий мухлиси бўлиб, ҳаттоки унинг ташқи кўриниши юлдузга жуда ҳам ўхшаш бўлади.

Гаурав дунёдаги энг машҳур юлдуз билан учрашиш учун уларга мурожаат қилади. Унинг жуда ҳам ўхшаш қиёфаси Арянни учратиш учун ёрдам берар деб ўйларсиз?

Афсуски, ҳаётда доим ҳам биз ўйлаган ишлар бўлавермайди. Воқеалар Гауравнинг режаси бўйича давом этмаганлиги сабабли, унинг орзусига бўлган муҳаббати хавфли нафратга айланади.

“Мухлис” фильмининг режиссёри Маниш Шарма (Maneesh Sharma) ва продюсери Адитя Чопра (Aditya Chopra) бўлиб, унинг жаҳон кинотеатрларидаги намойиши шу йилнинг 14 апрелига мўлжалланган.

Замонавий технологиялар, махсус эффектлар ва грим туфайли Гауравга айланган Шоҳрух Хон мухлисларини ҳайратда қолдириши шубҳасиз.