Евро-2016 турнирини ташкиллаштириш қўмитаси директори Мартин Каллен Францияда терроризм хавфи мавжудлиги туфайли турнирнинг ўтказилиш тартибида ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

У ўйинлар мухлисларсиз стадионларда ўтказилиши, ўйинлар вақтлари ўзгартирилиши ёки ўйинлар ўтказиладиган жойлар алмаштирилиши мумкинлигини билдирган.

"Биз эҳтимолий вазиятларнинг барча кўринишларига тайёрланишимиз зарур. Айни вақтда ҳеч қандай хавф ҳақида маълумот бўлмасада, барча эҳтимолларни инобатга олиш керак. Бу ишларнинг барчаси аксилтеррор режа доирасида амалга оширилади", дея директорнинг сўзларидан иқтибос келтиради «Газете.Ru» сайти.

"Биз барча иштирокчиларнинг, футболчилар, мухлислар ҳамда бошқа меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлашимиз керак. Турнирни байрамона ўтказиш учун барча чоралар кўрилади. Айни вақтда батафсил маълумотларни бера олмаймиз", деган у.

2 март куни Франция мезбонлик қиладиган ушбу турнир бошланишига 100 кун қолгани муносабати билан орқага ҳаракатланувчи вақт белгиланди.

Евро-2016 ўйинлари томошабинларсиз ўтказилиши мумкин