2015 йилда Тошкентдаги Олий ўқув юртлари талаба қизлари ўртасида илк бор аёллар футболи бўйича биринчи турнир бўлиб ўтди. Шундан сўнг Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси аёллар футболини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон Футбол федерацияси ва Аёллар футбол Ассоциацияси билан хамкорлик қилишга қарор қилди.

Шу муносабат билан ўтган йилнинг 5 декабридан шу йилнинг 4 мартига қадар Ўзбекистонда аёллар футболи тренерларини малакасини ошириш мақсадида ўзбек-герман қўшма лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг учун Германия ташқи ишлар вазирлиги, Немис Олимпия спорт Иттифоқи ва Ўзбекистон Аёллар футбол Ассоциацияси ташаббус билан чиқди. Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистонга германиялик таниқли трененер, ФИФАнинг собиқ консультанти Моника Штааб таклиф этилди.

Тренерлар учун семинар доирасида 9—23 декабрь кунлари Қаршида, дарвозабонлар учун эса январь ойида Олмалиқда ва Тошкентда тадбирлар ўтказилди. Ўзбекистондаги фаолияти мобайнида Моника Штааб хоним Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Халқ таълими вазирлиги қошидаги Болалар спортини ривожлантириш бошқармаси, Ўзбекистон Футбол федерациясида бир қатор учрашувлар ўтказди.

Сафари якунланиш муносабати билан Моника Штааб оммавий ахборот воситалари вакиллари билан хайрлашув учрашувини ўтказди. Учрашув аввалида унинг Ўзбекистондаги фаолияти акс этган 10 дақиқалик лавҳа намойиш этилди. “Андижон полкаси” мусиқаси остидаги бу лавҳа қарсаклар билан кутиб олинди. Шундан сўнг Моника Штааб ўз тасссуротлари билан ўртоқлашди.

У илк бор Ўзбекистонга 2010 йилда келганини, бу галгиси иккинчиси эканини таъкидлар экан, уч ойлик муддат худди самолёт парвози каби бир зумда ўтиб кетганини айтди. Шу муддат ичида бир дақиқа ҳам зерикмаганини таъкидлаб ўтди ва аёллар футболини ривожлантириш йўлида кўп иш қилинганлигини қайд қилди. Ўзбекистонда аёллар футболини ривожлантириш йўлида кўп ишлар қилинаётганини айтар экан, “Бошланган хайрли ишлар ўз мевасини бермоқда”, деди германиялик мураббий. Шу ўринда маҳаллаларда бу борада кўп ишлар қилинаётганига алоҳида урғу берди. Осиёда аёллар футболи бўйича Ўзбекистон биринчи ўнталикка киришини таъкидлаб ўтди ва тез орада янада яхши натижаларга эришишига ишонишини айтди.

Ўз сўзини тугаллар экан, ўзбекларнинг меҳмондўстлигига тан беришини таъкидлади. “Ҳар бир минтақага борсам, хилма-хил паловлари билан кутиб олишди. Ҳар бир паловнинг ўз баҳоси бор. Германияда ўзбек паловларини соғинаман, албатта” деди у. Шунингдек, у ўзбек мусиқаларидан роҳатланишга ўрганиб қолганини қайд қилди. “Ўзбеклар мусиқа эшитар экан, бу тинчликдан далолатдир”, деди Моника хоним.

Савол-жавоблардан сўнг, элчихона ҳовлисида қабул маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг Ўзбекистонда спорт, жумладан футболга берилаётган эътиборга юқори баҳо берди. «Биз Ўзбекистонда аёллар футболи ривожланишига ёрдам бераётганимиздан хурсандман», деди элчи. Тадбир якунида Моника Штааб хоним миннатдорчилик сифатида ўзбекистонлик ҳамкорларга ўзининг совғаларини топширди.

Шарофиддин Тўлаганов