Москвада 4 ёшли қизчани ўлдиришда айбланаётган Гулчеҳра Бобоқулова 2002 йилда руҳий касалликлар шифохонасида даволанган. Бу ҳақда "Газета.Ru" нашрига интервьюда аёлнинг отаси Баҳриддин Тўраев маълум қилди.

Тўраевнинг айтишича, Бобоқуловага турли овозлар эшита бошлаган, у ғалати гаплар айта бошлаган, унда тажовузкорлик пайдо бўлган. Шундан кейин аёлни касалхонага ётқазишган. У касалхонада бир неча кун даволангандан кейин, бироз вақт ўтиб касаллиги яна авж олгани сабабли касалхонага қайта ётқазилган.

Тўраев қизи ҳеч қачон масжидга бормагани, хижоб ўрамагани ва Қуръон ўқимаганини айтди.

Бундан ташқари, қотил аёл бунгача ҳеч қаерда энага бўлиб ишламаган, Москвадаги оила у энага бўлиб ишлаган биринчи оила бўлган.

Суд аёлни икки ойга ҳибсга олишга қарор қилди.