Дунёнинг энг етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчиси Toyota Motor компанияси жаҳон бозоридаги 331 минг атрофидаги автомобилини хавфсизлик ёстиқчаларидаги носозлик сабабли қайтариб олиш ҳақида эълон қилди.

Муаммолар Takata фирмаси томонидан тақдим этилган маҳсулотларда экани айтилган.

Қайд этилишича, чақириб олинадиган автомобилларнинг энг кўп қисми АҚШда - 198 минг. Бу мамлакатга юборилган Toyota Corolla (2008 йилги) ва Lexus SC 430 (2008-2010 йиллар) моделларида муаммо аниқланган.

Европа Иттифоқи ҳудудидан 86 минг (Toyota Avensis ва Lexus SC 430), Осиё бозоридан 3 минг автомобилда худди шундай носозлик мавжудлиги аниқланган.

Уларнинг эҳтиёт қисмлари бошқасига алмаштирилади. Бу хизмат бепул амалга оширилади.

Takata ёстиқларида фойдаланилган компрессор нуқсонли бўлиб чиққан, хавфсизлик ёстиғи ишга тушган вақтда у портлаб кетиши мумкин. Натижада транспорт воситаси салонига синиқ парчалари отилиб, ичкаридаги кишиларга жиддий зарар етказиши мумкин.

Toyota Motor Corporation — Toyota Group`нинг йирик бўлинмаси ҳамда япон автосаноатининг етакчиси саналади. Компанияга 1937 йилда асос солинган. Бош қароргоҳи Айти префектурасининг Тойота шаҳрида жойлашган. Жами ходимларининг сони 300 мингдан ошади. Ўтган йилда компания машиналаридаги Takata хавфсизлик ёстиқлари, ойна кўтаргичдаги носозликлар сабаб бир неча маротаба жаҳон бозоридан оммавий чақириб олиш ҳақида эълонлар берган эди.