Огайо университети тадқиқотчилари узоқ давом этган стресс ва хотиранинг йўқолиши ўртасида боғлиқлик борлигини топишга муяссар бўлишди, деб хабар беради RNS. Тадқиқотнинг тўлиқ матни The Journal of Neuroscience илмий нашрида эълон қилинган.

Тадқиқот доирасида сичқонларни давомий стресс ҳолатида ушлаб, доминант эркак сичқонлар ҳужуми ҳам уюштирилган. Натижада, сичқонларда хотиранинг бузилиши кузатилган.

Бундан ташқари олимлар шуни аниқлашдики, ҳужум остида бўлган сичқонлар лабиринтга қўйиб юборилганларида, чиқиш йўлини қийинчилик билан эслай олишган. Бу муаммо сичқонларда 28 кун сақланиб қолган.

Қолган сичқонлар эса осонлик билан чиқиш йўлини топа олишган.

Тадқиқот муаллифларининг айтишича, стресс ҳолатида бўлган сичқонларда янги нейронларнинг пайдо бўлиши камайган ва стрессга бўлган иммун тизимининг реакцияси оқибатида улар миясида шамоллаш келиб чиққан. Лекин сичқонларга шамоллашга қарши дорилар юборилганда уларнинг хотиралари тикланган.