NASA фазогири Скотт Келли Халқаро коинот станциясидан қайтгандан кейин Ердаги биринчи иккита суратини чоп этди. "Коинотда бир йил" дастури доирасида Ер орбитасида 340 кун бўлган фазогир суратлардан бирида самолёт трапи олдида суратга тушган. Бу дастурда шунингдек россиялик фазогир Михаил Корниенко ҳам иштирок этди.

"Менинг уйга қайтишимда Ерда – Норвегияда кутиб олган биринчи тонгим", деб изоҳ ёзди фазогир иккинчи суратига.

Фазогир ХКСдаги охирги кунида коинот станциясида фазогирлар кунига 5 марта кутиб оладиган тонгнинг бир нечта суратларини чоп этганди.

Келли ХКСда суратга олган мингга яқин сурат билан Windows on Earth лойиҳаси сайтида танишиш мумкин. Бу сайтда қолган фазогирларнинг суратлари ҳам бор.

ХКСда бир йил давомида бўлган фазогирлар Скотт Келли, Михаил Корниенко ва ярим йил бўлган Сергей Волков 2 мартда "Союз ТМА-18М" кемаси капсуласида Ерга қайтдилар. Капсула Қозоғистонга қўнган.