“Симпсонлар” анимацион сериали яратувчиларидан бири Сэм Саймоннинг дугонаси - Кейт Портер унинг ворисларидан 5 миллион доллар талаб қилмоқда.

Кейтнинг айтишича, унинг йигити унга иқтисодий муаммолари бўлмаслиги ва келажаги ҳақида қайғурмаслиги учун пул ваъда қилган, деб хабар беради The Hollywood Reporter.

Саймон 2015 йил 59 ёшида йўғон ичак ракидан вафот этган. Иш фаолияти давомида у сценарист, режиссёр ва мультфильмнинг ижрочи продюсери сифатида тўққизта “Эмми” мукофотига лойиқ топилган.

Саймоннинг давлати бир неча юз миллион доллар деб баҳоланади. Унинг ўзи бойлигини хайрия ташкилотларига, жумладан, ўзининг Sam Simon Foundation жамғармасига қолдирмоқчи бўлган.

Портер ёллаган адвокатнинг сўзларига кўра, Саймоннинг меросхўрлари у ҳаётлигида берган ваъдаларида турмаяптилар ва унинг васиятини бажармаяптилар.
Меросхўрларнинг вакили эса изоҳ беришдан бош тортди.

Маълумот учун: “Симпсонлар” (инг. The Simpsons) — Америка телевиденияси тарихидаги энг узун мультсериал. Унинг биринчи мини-серияси Good night 1987 йилда намойиш этилган. Айни пайтда ушбу мультсериал 100 дан ортиқ мамлакатда маълум ва машҳур.