Жорий йилнинг 6 март куни премьера қилиниши кутилаётган “Мажнун” фильми барча киномухлисларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Трейлеру суратлар бир тараф бўлса, ижодкорлар ўртасидаги можаролар бир тараф. Яъни фильм катта экранга чиқамасиданоқ шов-шувлар марказига айланди.Таклифларга биноан, www.kun.uz сайти фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов билан суҳбат уюштирди.

Дастлабки савол “Мажнун” фильми премьерасининг чўзилиб кетиши билан боғлиқ. Дунё киноси параметрлари билан ўлчаганда, бу одатий вақт, аммо ўзбек киносида бунчалик чўзилган фильмлар кам. Тўғрими?

-Албатта. Бу ҳақида кўп сўрашди. Биласизми, биз ижодкорлар мазкур фильм устида иш бошлаганимизда, шошилмаймиз, эринмаймиз, оддий деталларни ҳам ўтказиб юбормаймиз, деб келишиб олгандик ва шундай бўлди ҳам. Аниқроқ айтганда, фильм “бўлаверадичилик” кайфи билан ишланмади. Чунки ўзбек киноси, айниқса, хусусий киностудияларда ишланган фильмларга кўпинча танқидий баҳо берилаяпти. Биз ана шу фикрларни ёддан кўтармаган ҳолда, катта иштиёқ билан, томошабинларга манзур бўладиган пухта фильм суратга олишни мақсад қилдик. Мен бу фильм билан “Кан” ёки “Оскар” мукофотларини қўлга киритамиз, демоқчи эмасман. Лекин, ишонтириб айта оламанки, мухлисларга сифатли, савияли кино тақдим этамиз.

Премьеранинг чўзилиб кетишига сабаблар орасида “Барон” ҳам бормиди?

-Йўқ, десам ёлғон бўлади. Чунки бу фильм ўзбек кино оламида катта воқеа бўлиши кутилаётганди ва шундай бўлди ҳам. Мен фильмни у билан бир вақтда намойишга ҳам қўймаган бўлардим. Лекин, тўғрисини айтганда, “Мажнун” ўша пайтларда умуман тайёр ҳам эмасди. Айтсам ишонмайсиз, ҳозир ҳам фильмни 100 фоиз тайёр, деб айтолмайман. Чунки сифатнинг юқори кўрсаткичлари билан монтаж ва овозлаштириш ишлари олиб борилаяпти. Бу кўп вақт талаб этадиган жараён. Масалан, овоз: Dolby Digital 5.1 Surround Sound—жаҳон киноси талаби. Бу томошабинларга ўзларини воқеликни ичида ҳис қилиш имконини берадиган сифатли овоз. Ёки мураккаб монтаж технологиялари. Фильм бир йил аввал баҳор ойида бўлиб ўтган. Бироқ бизда куз об-ҳавоси. Актёрларга тоғликларга хос табиий қиёфани беришда гримнинг ўзи камлик қилади. Бу ҳам мураккаб монтаж технологиялари кўмагида қилинди. Голливуд тажрибасида ҳам шундай, аслида. Бугунги ўзбек томошабини ана шундай сифатли кинофильмларга ўрганиб бўлди. Танқидларнинг сабаби шунда.

“Жаҳонгир Аҳмедов комедия жанридаги фильмлари яхши суратга олади”, дейишади. Бу штампга қандай қарайсиз?

-Тўғриси, мен бундай бўлиб қолишни хоҳламайман. Масалан, бирор қўшиқчига “муҳаббат куйчиси”, деб таъриф берилса, у қўлига ҳудди харитани тутиб олгандек, ана шу севдим-куйдимнинг маконида айланиб юраверади. Бу штамп ижодкорни чегаралайди. Ўзимга келсак, мен ўзимни ўйлантирган, хаёлда етилган ғояларни кинога олиб чиқишга интиламан. Масалан, ҳозир фантастик жанрдаги фильм сценарийсини ёзаяпман. “Мажнун”ни ҳам ана шундай ғояларнинг фильмдаги акси, дейиш мумкин.

“У ўлмаган, лекин тирик ҳам эмас”. Кўпчилик қизиқаяпти: у ким ёки нима?

-Ҳаётда шундай одамлар борки, муҳаббатдан, дўстдан, умуман, бу ҳаётнинг зарбаларидан азият чеккан. Жисмонан тирик, қалбан ҳаёт эмас. Шиор айнан шундай одамлар қалбини ифода этган.

Режиссёрнинг бугунги кино санъати борасидаги мулоҳазаларининг тўлиқ шаклини қуйида томоша қилишингиз мумкин.