Колумбиядаги махсус амалиёт натижасида 3 тоннадан ортиқ миқдордаги гиёҳванд модда мусодара қилинди. Мамлакат шимоли ғарбидаги Чоко ва Антиокия департаментларида Марказий ва Шимолий Америкага гиёҳванд моддалар етказиб бериш билан шуғулланадиган жиноий гуруҳга қарши махсус амалиётлар ўтказилган.

1,1 тоннадан ортиқ кокаин колумбиялик денгизчилар томонидан Антиокия департаменти ҳудудида ҳаракатланувчи гуруҳга тегишли кемада аниқланган. Кема бортидагилар қочиб кетишга муваффақ бўлишган. 2 тонна миқдоридаги кокаин партияси эса тоғли, ҳаракатланиш қийин бўлган Аканди муниципалитети (Чоко) ҳудудида қўлга туширилган.

Колумбия полицияси бошлиғининг маълум қилишича, бу гиёҳванд моддалар "Усуга клани" аъзоларидан тортиб олинган. Бу гуруҳ таркибида 2,6 минг нафарга яқин аъзо бўлиб, унинг раҳбарини қўлга олиш учун узоқ йиллардан буён ҳаракат қилинсада, бунинг уддасидан чиқилмаган. Бу гуруҳ Жанубий Америкадаги энг хавфли жиноий гуруҳлардан бири саналади.

Колумбия армияси ва полицияси мамлакат ҳудудидаги наркобизнесга қарши курашда давом этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилнинг бошидан буён Колумбияда 28 тонна гиёҳванд моддаси мусодара қилинди.