McLaren 650S суперкари гибридли бўлади

Технология 04 Март 2016 1962

McLaren компаниясининг 650S ва 650LT моделлари ўрнига келувчи янги суперкарлари гибрид куч қурилмалари олади. Бу ҳақда британ маркасининг шеф-дизайнери Фрэнк Стивенсонга иқтибос келтирган ҳолда Car and Driver нашри хабар бермоқда.

Кейинги авлоддаги McLaren 650S машинаси V8 твин-турбо двигатели негизида яратилган комбинациялашган куч қурилмаси билан жиҳозланади.

Янги машина 650S ва 650LT моделларидан анча тезроқ бўлади. Двигателларнинг умумий қуввати 700 от кучидан ошиши танхмин қилинмоқда.

Стивенсоннинг таъкидлашича, суперкар "ўта кучли" ёруғлик-диодли фаралар ҳамда янги бошқариш интерфейсига эга интерьер олади.

Ҳозирдаги McLaren 650S модели 3,8 литрли 8 цилиндрли, иккита турбинали, 650 от кучига эриша оладиган двигатель билан бутланади. Двигатель 7 поғонали роботлаштирилган узатмалар қутиси билан бирга ишлайди. Суперкар 100 км/соат тезликка 3 сонияда эришади, максимал тезлиги эса 333 км/соатни ташкил қилади.

Аввалроқ McLaren компанияси 2022 йилгача мўлжалланган ривожланиш режасини тасдиқлаганди. Бу вақтгача компания янги моделларни яратиш учун 1,4 млрд доллар сарфламоқчи. Британиялик автомобилсозларнинг таъкидлашича, 6 йилдан кейин компания модель қаторининг камида ярми гибрид машиналардан иборат бўлади.

Кўпроқ янгиликлар