ОАВ: Ким Чен Ин ядровий кучларни қўллашга тайёрлашни буюрди

Жаҳон 04 Март 2016 11932

Жанубий Кореянинг "Рёнхап" ахборот агентлигининг Шимолий Кореянинг Марказий телеграф агентлиги чоп этган маълумотга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, Шимолий Корея БМТ томонидан киритилган санкцияларга янги ракета синовлари билан жавоб берди. 

Корея Марказий телеграф агентлиги қуйидагича хабарни чоп этган: "АҚШ бошчилигидаги душман кучлар Шимолий Кореянинг мустақил давлат сифатидаги ҳуқуқига раҳна солувчи мамлакатга қарши санкциялар киритиш ҳақидаги мисли кўрилмаган резолюцияни маъқуллади".

Агентликнинг маълум қилишича, бундай шароитларларда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин янги кўп мақсадли ракета қурилмасини синовдан ўтказишга шахсан ўзи бошчилик қилган. Таъкидланишича, бу ракеталар "Корея халқ армиясининг зарба берувчи кучларини кучайтиришга имкон беради". Ким Чен Ин, шунингдек, Шимолий Корея "миллий мудофаа манфаати йўлида ядровий жанговар каллакларни исталган вақтда ишлатишга тайёр туриши керак", деб айтди.

Ким Чен Ин минтақадаги вазиятнинг кескинлашгани сабабли ташқи душманлар томонидан хавф ошаётган шароитда "исталган лаҳзада" ядровий қуролни қўллашга буйруқ берди ва шахсан ўзи янги ялпи ўт очиш реактив тизимларининг жанговар тайёрлигини текширди. Ядровий арсеналнинг жанговар ҳолатга келтирилиши Шимолий Кореянинг янги ҳарбий доктринасининг бир қисми ҳисобланади. Унга кўра мамлакат хавф юзага келиши ҳолатида душманга жавоб зарбаларини бериши мумкин.

Бундан ташқари, Шимолий Корея етакчиси олимлар ва ҳарбийларни яқин орада бошланадиган АҚШ-Жанубий Корея ҳарбий машғулотлари сабабли ҳамда май ойида бўлиб ўтадиган Корея меҳнат партиясининг 7-қурултойи арафасида мамлакатнинг ядровий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун барча зарурий чораларни қабул қилишга чақирди.

2 мартда БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореяга қарши санкцияларни қатъийлаштирувчи резолюцияни қабул қилди. 3 мартдаёқ Шимолий Корея бунга жавобан Япон денгизи йўналишида бир неча ракеталарни учирди.

Кўпроқ янгиликлар