Аргентиналик собиқ футбол юлдузи Диего Марадона «Реал»ни бошқаришни истамоқда. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, у «Қироллик клуби»ни бошқариш орқали Лионель Месси бошчилигидаги «Барселона»ни ортда қолдиришни ҳамда Аргентина футболида биринчи рақамли шахс эканини исботламоқчи.

Агар «Реал» Марадонани жамоа бошқарувига олиб келса, аргентиналик мутахассис «Барса» ҳужумчиси Неймарни «қаймоқранглилар» сафига олиб келишга уринади.

ОАВ ҳозирда «Реал»ни бошқараётган Зидан келаси мавсумда ҳам жамоа бош мураббийлиги лавозимида қолишига шубҳа билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Диего Марадона ўз мураббийлик фаолиятида Аргентинадаги «Мандия» ва «Расинг» (Авельянеда) жамоаларида ишлаган, кейин Аргентина миллий терма жамоасини 2010 йилги жаҳон чемпионатига олиб борган. Унинг охирги жамоаси БААнинг «Ал-Васл» жамоаси бўлиб турибди.

Футболчилик даврида, 1982 йилдан 1984 йилгача Марадона «Барселона» сафида ўйнаган.