АҚШ президенти давлат раҳбари васифасини бажариш муддати ниҳоясига етгач, яна бир неча йил Америка пойтахтида яшамоқчи.

Бу ҳақда у Висконсин штати Милуоки шаҳрида унга мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизими масаласида мактуб йўллаган америкаликлар билан учрашувда гапирди, деб хабар беради ТАСС.

Президентлик муддати тугагач қаерда яшамоқчи эканлиги тўғрисидаги саволга у: “Ҳали бир қарорга келмадик. Кичик қизим Саша мактабни тамомлаб олиши учун Вашингтонда яна бир неча йил яшаймиз. Ўқув йилининг ўртасида кўчиш – қийин муаммо”, -деб жавоб берди.
Келгуси йил январь ойида Обама давлат раҳбари вазифасидан кетади. Шу пайтда унинг кичик қизи 15 ёшда бўлади, катта қизи 17 ёшли Малия шу йил баҳорда мактабни тамомлаб, кузда коллежда ўқишини давом эттиради.

Ваколат муддати ниҳоясига етган америкалик президентлар, қоида бўйича, пойтахтдан кўчиб кетадилар. Пойтахтда қолишга қарор қилган энг охирги президент Вудро Вильсон (1913-1921) бўлган. У саломатлиги ёмонлиги туфайли Вашингтондан кетмаган.

Маҳаллий ОАВ Иллинойс штати собиқ сенатори Барак Обама Иллинойсга қайтмайди, кейинчалик у Калифорния ёки Нью-Йоркда яшайди, деб фикр билдиришмоқда.