Бухоро вилояти, Бухоро туманида рўйхатдан ўтказилган “Олмос Имкон Савдо” МЧЖ фаолиятида айрим қонунбузарлик ҳолатлари борлиги маълум бўлди.

“Ҳуқуқ” нашрининг ёзишича, тадбиркор МЧЖни алкоголь маҳсулотлари билан савдо қилишга ихтисослаштиради. Бунинг учун Тошкент вилояти ҳокимлигидан савдо ҳуқуқини берувчи лицензия олган ва чакана савдо қилиш манзилини Бўстонлиқ тумани Чимган қишлоғи қилиб белгилаб, ҳисобот топширади.

У жиноий шериги билан тил бириктириб, савдо тоғли ҳудудда, аҳоли кам яшайдиган жойларда амалга оширилгани ҳақида сохта ҳисобот беради. Аслида эса савдо Тошкент шаҳрида амалга оширилади.

Бу орқали икки шахс 2013 йилда давлатга 560 миллион сўм миқдорида солиқ тўлаш ўрнига, 140 миллион сўм тўлаш билан чекланган. 2014 йилда эса савдодан тушган 7 миллиард 199 миллион 359 минг сўм нақд пул банкка топширилмай, ўзлаштириб юборилган.

Шунингдек, улар сохта ҳужжатлар асосида АТ “Савдогарбанк”нинг Бухоро шаҳар филиалидаги 152 млн. 800 минг сўм, АТБ “Asia Alliance Bank”нинг Олмазор тумани филиалидаги 300 млн сўм нақд пулни, яшириш мақсадида, МЧЖнинг “Турон банк” Мирробод туман филиалидаги ҳисоб рақамига кўчириб келишган ва жиноий йўллар билан топилган пулни легаллаштириб олишган.

Айбланувчиларга Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор суди озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.