1976 йилда Монреалда ўтган ёзги Олимпиаданинг эркин кураш бўйича чемпиони Владимир Юмин 4 мартда Каспийскда инфарктдан вафот этди. Бу ҳақда Доғистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги сайти хабар берди.

"Номдор курашчи 65 ёшида уйида инфарктдан вафот этди. Унинг дафн маросими 5 мартда Каспийскда бўлиб ўтади", дейилмоқда хабарда. Таъкидланишича, охирги вақтда Юминнинг саломатлиги яхши бўлмаган, 2013 йилда эса инфарктни бошидан кечирган.

Курашчи 1951 йилда Омскда туғилган, ўсмирлигида Доғистонга кўчиб ўтган. Юмин Собиқ иттифоқнинг хизмат кўрсатган спорт устаси, 1976 йилги Олимпиада чемпиони, 4 карра жаҳон чемпиони (1974, 1977, 1978, 1979) ва 3 карра Европа чемпиони (1975, 1976, 1977) бўлган. 57 кг гача вазн тоифасида иштирок этган.  

Спорт фаолиятини якунлагандан кейин мураббий, Туркия терма жамоасининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.