БААда бир гуруҳ кишилар Boeing 747 самолётини қўллари билан тортишди ва кўз касалликларини даволаш ва олдини олиш учун ўз ҳиссаларини қўшишди

Dubai Airports томонидан ташкил қилинган беллашувда жами 10 нафар гуруҳ ўзининг жамоавий кучини синаш мақсадида 747 National Air Cargo самолётини узоқ масофага тортиш бўйича ўзаро беллашди.

Самолётни тортиш мусобақаси Orbis (бутунжаҳон бўйлаб кўзи ожизларни даволаш ва унинг олдини олиш бўйича фаолият юритувчи ННТ)нинг “Сенинг кўз нуринг, бизнинг бахтимиз” ташаббуси учун зарурий маблағни тўплаш мақсадида ўтказилди.
Жамоаларнинг ҳар бир аъзоси Қизил ярим ой жамияти орқали Orbisга донор сифатида 1000 дирхамдан маблағ ажратди.

“Самолётни узоқ масофага тортиш танлови куннинг энг муҳим воқеасига айланди. У агар инсонлар қандайдир муаммоларни ҳал этиш учун биргаликда ҳаракатланса, иложсиз нарсани ҳам рўёбга чиқариш мумкинлигини исботлади. Аэропортнинг барча ходимлари ҳайрия ишни қўллаб-қувватлаб, дунёнинг барча нуқталарига етказилувчи моддий ёрдамга ўз ҳиссаларини қўшишгани жуда ҳам қувонарли бўлди”, - деди Dubai Airports ижрочи директори Пол Гриффитс.

Orbisнинг Яқин Шарқдаги ҳамкорлик раҳбари Florence Branche танловни шундай изоҳлади: “Бугунги тадбирдан йиғилган маблағлар кўз хасталикларидан азият чекувчи инсонларнинг яна кўпроқ қисмига ёрдам беришга ва офтальмологик хизматларни кучайтиришга ёрдам беради”.

Танловда иштирок этганларга ҳомий сифатида кўз жарроҳлиги учун ҳар бири 10 000 дирхам турувчи донорлик купонларини сотиб олиш имкони берилди.

Шунингдек, махсус хайрия тушлиги ташкил этилиб, овқатланиш учун сарфланган харажатлар фонд ҳисобига ўтказилди.