5 мартда Чеченистон пойтахти Грознийдаги "Колизей" спорт залида ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев ва австралиялик Лукас Браун ўртасида WBA чемпионлик камарига эгалик қилиш учун бокс жанги бўлиб ўтди.

Жангни тўлиқ назорат қилган Чагаев 10-раунддаги бир хатоси туфайли жангни муддатидан аввал ютқазди. 10-раундда Брауннинг кучли зарбасидан кейин Чагаев ўзини ўнглай олмади ва кейинги 20 сония ичида рақибидан кетма-кет зарбаларни ўтказиб юборгандан сўнг ҳакам учрашувни тўхтатишга қарор қилди ҳамда Браунга техник нокаут билан ғалабани берди.

Бу учрашувда яна бир қизиқарли жиҳат шу бўлдики, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова рингда жонли ижрода Ўзбекистон мадҳиясини бошидан-охиригача ижро этди. Залдаги фахр билан тўлиб-тошган кўплаб ўзбекистонлик мухлислар Ўзбекистон байроғини зал узра кенг ёйганча хонандани қўллаб-қувватлаб туришди ҳамда Чагаев бошчилигида унга жўр бўлиб биргаликда мадҳиямизни ижро этишди.