Европа Иттифоқи мамлакатларининг Брюсселдаги саммити вақтида қочқинларнинг Греция орқали "Болқон йўналиши" бўйича Европанинг бошқа мамлакатларига ўтишини чеклаш масаласини муҳокама қилишади. Германиядаги Bild нашри муҳаррири бу бўйича ҳужжат матнини ўз твиттерига жойлаштирган.

"Болқон орқали қочқинларнинг нотекис оқимига барҳам берилади", дейилади ҳужжатда.

7 март куни Брюсселда ЕИ давлатлари ҳамда Туркия иштирокида навбатдаги саммит бошланади. Унда Европадаги муҳожирлар инқирози масаласи муҳокама қилинади. Анқара қочқинларни ўз ҳудудида сақлаб туриш учун 3 млрд евро миқдорида маблағ сўрашни режалаштирган.

Чехия президенти Милош Земан Туркияга муҳожирлар учун 3 млрд евро ажратилишига қарши чиққани ҳақида хабар берилганди.