Эрон Молия ва иқтисодиёт вазири Али Тойибниянинг маълум қилишича, мамлакат нефь хомашёсини экспорт қилиш ҳажмини ошириб, кунига 2 млн баррелга етказмоқчи. Бу ҳақда Shana агентлигига асосланиб, Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

"Эрон нефть бозорига қайтгач, катта қадамлар ташламоқда ва аввалги мавқеини тикламоқчи. Тез орада кунига 2 млн баррель нефть экспорт қила бошлаймиз", дейди вазир.

Бундан олдинроқ, Monte Toledo танкери санкциялар ечилгач Эрондан илк марта Европага нефть олиб боргани ҳақида хабар берилганди.

Ундан олдинроқ эса Тойибния Эроннинг санкциялардан қутилиш эвазига 45 млрд доллар миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштирмоқчи эканини билдирганди.

Маълумот учун, санкциялар жорий этилгунига қадар Эрон кунига 2,3—2,5 миллион баррель нефть экспорт қиларди, бироқ кейинчалик бу кўрсаткич икки баробар қисқарди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Эрон бир йил ичида кунлик нефть экспорти бўйича санкцияларгача бўлган даврдаги кўрсаткичга етиб олиши мумкин.