АҚШ президентлиги учун демократлар партиясидан номзод, мамлакатнинг собиқ биринчи хоними ҳамда собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг фикрича, мамлакатда қурол кўтариб юриш билан мақтанадиган кишилар маданияти шаклланиб қолган. У бу фикрларини Мичиган штатининг Флинт шаҳрида сайловчилар билан ўтказилган учрашуви вақтида айтиб ўтган.

"Ҳозирда АҚШда одамлар қурол кўтариб юришдан фахрланадиган маданият шаклланиб улгурди. Биз зудлик билан бу масалани жамоатчилик муҳокамасига қўйишимиз керак. Ҳар куни бизнинг мамлакатимизда ўточар қуроллар туфайли ўртача 90 киши ҳалок бўлмоқда", дейди Клинтон хоним.

Сиёсатчи қурол савдоси бўйича ҳар қандай ҳаракатларни чеклашга чақирган.

У шунингдек, қурол ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларнинг ҳуқуқлари ҳақида гапирган партия ичидаги рақиби Берни Сандерсга қарши чиққан.

Қайд этиш керакки, АҚШда ўт очар қуроллар билан боғлиқ ҳодисалар ортиб бормоқда. Рим папаси Франциск ўтган йилнинг сентябрида АҚШга ташриф буюрганида Конгресс орқали мурожаат қилиб, қурол савдосига чек қўйишга чақирганди.

Шунингдек, АҚШнинг ҳозирги президенти Барак Обама қурол савдосида қатор чекловлар ўрнатиш таклифи билан чиққан.

АҚШда республикачилар ҳамда Миллий мерганлар ассоциацияси бундай чекловларга қарши туради.

Обама яқин вақтлар ичида қонунчиликка қурол савдосини чеклаш бўйича ўзгартиришлар киритилишидан умиди йўқлигини тан олган.