«Лестер» жамоаси ҳужумчиси Жейми Варди Англия Премьер-лигасидаги чемпионлик кураши ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Мен Англия чемпионатининг навбатдаги турида (2:2 ҳисобида якунланган «Арсенал» «Тоттенҳэм» баҳси - таҳририят) бизга рақобатчи бўлган жамоалар очко йўқотганини бошқалардан эшитдим. Чунки улар ўзаро учрашувдалиги вақтида PlayStation орқали Call of Duty видеоўйинини ўйнаш билан банд эдим.

Ҳеч ким мавсум бошида бизга ишонмаганди. Барча бизни АПЛда қолиш учун курашадиган жамоа сифатида қабул қилганди. Қолишимиз аниқ бўлишигача ўзимиз ҳам катта босим остида ўйнадик.

Энди эса биз шунчаки ўйиндан завқ олиш учун майдонга тушмоқдамиз», — дейди у.

«Лестер» 29-турдан сўнг турнир жадвалида 60 очко жамғарган ҳолда, иккинчи ўринда бораётган «Тоттенҳэм»ни 5 очколик фарқ билан ортда қолдириб, пешқадам бўлиб турибди.