АҚШ Суриянинг курдлар назорат қилувчи қисмида авиабаза қуришни ўз якунига етказди ва ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий вазифаларни амалга оширувчи иккинчи ҳарбий базани қуришни бошлаб юборди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, ал Хасака вилоятининг Рмейлан шаҳридаги учиш-қўниш йўлаги қурилиши ниҳояисга етган. Шу боис Туркия билан чегарадан жануби-шарқда жойлашган Кобани шаҳри ҳудудида янги авиабаза қуриш бошланди. Мазкур объектнинг қурилишига америкалик ўнлаб мутахассис ва техникалар жалб этилган.

Суриялик курдлар берган маълумотларга кўра, Рмейландаги учиш-қўниш йўлагидан вертолётлар хизмат кўрсатиши учун фойдаланилади. Улар минатақадаги ҳарбий операцияларга зарур бўладиган техник материаллар ташиш билан шуғулланади.

Маълумот учун, АҚШ 2015 йилда ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашда ўнлаб ўз мутахассисларини Сурия шимолига жўнатган эди. Шунингдек, америкаликлар ўзларининг маҳаллий ҳамкорларини қурол-яроғ таъминоти ва ҳаво ҳимояси билан таъминлаб туради.