Ўзбекистонда шишакристаллит ишлаб чиқарувчи биринчи корхона ишга туширилади

Ўзбекистон 07 Март 2016 5604

Ўзбекистонда яқин икки йил ичида шишакристаллит ишлаб чиқарувчи биринчи йирик корхона ишга туширилади, деб маълум қилди Sputnik ахборот агентлиги мухбирига "Ўзқурилишматериаллар" АКдаги манба.

Янги завод Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида "Кристалл" корхонаси негизида жойлашади. Биринчи босқичда янги корхонада йилига 100 минг квадрат метргача шишакристаллит ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Манбанинг таъкидлашича, қурилиш ҳажмининг кенгайтирилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан янги турдаги материаллар ишлаб чиқарилишини ўзлаштиришни талаб қилади.

Шишакристаллит ёнмайдиган қурилиш безак материали бўлиб, юқори ҳарорат ёки аланга таъсирида алангаланмайди, заҳарли моддалар чиқармайди. Бу айниқса, Ўзбекистонда бинолар ва саноат объектлари ёнғин хавфсизлиги талаблари мунтазам қатъийлаштирилиб борилаётган шароитларда жуда муҳимдир.

Шишакристаллит анъанавий безак материалларидан фарқли ўлароқ, бир қатор қимматли сифатларга эга. У гигиеник жиҳатдан тоза, юқори мустаҳкамликка эга ва узоқ вақтга чидамли, қуёш нури таъсирида ранги ўчмайди. Шишакристаллитнинг охирги сифати Ўзбекистоннинг иссиқ иқлим шароитида айниқса қўл келади.

Янги заводни 2016 йил ёки 2017 йилнинг биринчи ярмида ишга тушириш режалаштирилмоқда. Лойиҳага киритиладиган инвестициялар ҳажми 10 млн долларга яқинни ташкил қилади, маблағлардан ярмини хорижий сармоячилар ажратади. Ҳозирда бу борада бир нечта хорижий компаниялар, жумладан Хитой, Жанубий Корея ва Туркия компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар