Тошкент шаҳри ҳокимияти 2016 йилда шаҳардаги йирик савдо ҳудудларидан бири "Қўйлиқ" бозори таъмирланиши учун 20 млрд сўм миқдорида маблағ йўналтиради. Бу ҳақда шаҳар маъмуриятидаги манбасига асосланиб, Sputnik ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Шу йилнинг охирига қадар Тошкент ҳокимияти "Тошбозорсавдо" уюшмаси билан ҳамкорликда бозор реконструкциясининг биринчи босқичини якунлашни режалаштирган. Бу ҳудудда ҳозирда очиқ осмон остида фаолият юритаётган мажмуа ўрнида усти ёпиқ бино қуриш мўлжалланган.

“Биз аллақачон керакли лойиҳа ва хомчўтларни ва янги бинонинг асосий кўринишини тасдиқладик. Энди навбат молия манбаини топишда. Шаҳар бюджетидан ташқари ушбу лойиҳага бирор тижорий банкдан кредит маблағи ҳам олинади. Ҳозирги вақтда “Халқ банки” билан музокарлар олиб бормоқдамиз”, — деди манба. 

Лойиҳага Анқара ва Истанбулдаги бозорлардан андаза олинган. Ўзбекистонлик мутахассислар делегацияси ўтган йилда Туркияга ташриф буюриб, турк бозорларини ўрганишган.

Янги бозор ўзининг ташқи кўриниши (ёпиқ павильон) ва транспортлар учун қулайлиги билан ажралиб туради. Бу ерда вилоятлардан қишлоқ маҳсулотлари олиб келадиган юк машиналари учун алоҳида 2 қисм ажратилади. Янги мажмуадаги барча дўконлар усти ёпиқ бино ичида жойлаштирилади.

“Биз ҳозир бозорнинг бир қисмини бузишни бошладик. Ёзга яқин ушбу ишлар тезлаштирилади. Қурилиш ишлари бозорнинг кундалик фаолиятига халал бермайдаган тартибда ташкил қилинган. Гпермаркет биноси қуриб битказилгач, келаси йилда улгуржи бозор ёнидаги чакана бозор биноси ҳам қайта қурилади”, — деди маъмурият вакили.

Шунингдек, Тошкентга бошқа ҳудудларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келтирувчи савдогарлар учун 260 ўринли меҳмонхона қуриш кўзда тутилган.