ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари Малайзия ҳукумати раҳбари Нажиб Разоқни ўғирлаб кетишни режалаштиргани ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари, Малайзия ИИВ раҳбари Аҳмад Зоҳид Ҳомидий парламетда чиқиши вақтида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофоза қилувчи орган вакиллари ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган 13 нафар шахс ўтган йилнинг январь ойида ҳукумат раҳбари, ички ишлар вазири, шунингдек, мудофаа вазирлиги етакчиси Ҳишомиддин Хусайнни ўғирлаб кетишни режалаштирганини аниқлаган. Бундан ташқари, ўринбосарнинг қайд этишича, ИШИД жангарилари сўнгги икки йил ичида мамлакат ҳудудида йирик терактларни амалга оширишни режалаштирган.

Расмий маълумотларга кўра, айни дамда ИШИДга алоқадорликда гумонланиб 129 нафар киши ҳибсга олинган. Бир вақтнинг ўзида, Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган 55 нафар малайзияликнинг шахси аниқланган бўлиб, улардан 17 нафари йўқ қилинган.