Аёллар теннис ассоциацияси (WTA) раҳбари Стив Саймон россиялик теннисчи Мария Шаропованинг допинг қабул қилгани билан боғлиқ хабарларга изоҳ берди.

7 март куни дунёнинг энг бой аёл спортчиси ҳисобланадиган Мария Шарапова Лос-Анжелесдаги махсус матбуот анжумани чоғида 2016 йилги Австралия очиқ чемпионатидан ундан олинган намуналарда ман этилган дори — мельдоний топилганини тан олганди.

"Мен бу хабарни эшитиб жуда қаттиқ ранжидим. Мариянинг ўзи айтганидек, ҳар бир спортчи ўз танасида аниқланган тақиқланган модда учун жавобгар бўлади. Унинг иши антидопинг дастур томонидан текширилмоқда. WTA текширувлар натижасини қўллаб-қувватлайди", дея Саймоннинг сўзларини келтиради New York Times нашри.

Халқаро теннис федерацияси (ITF) россиялик спортчи 12 мартдан бошлаб барча мусобақалардан четлатилишини маълум қилган.