Япония ҳукумати 8 март кунида 100 йил аввал қабул қилинган, турмушга чиққан аёлларга ажрашишдан кейин 6 ойгача қайта турмушга чиқишни тақиқловчи қонунга ўзгартиришлар киритди. Бу муддат 100 кунгача камайтирилган.

Агар ажрашиш пайтида аёл ҳомиладор бўлмагани ҳақида тиббий маълумотнома тақдим қилса, қайта турмушга чиқиш учун кутиш муддати умуман бекор қилинади.

2015 йилнинг охирида Япония Олий суди бу қонунни конституцияга хилоф деб топди, бу эса ҳукуматнинг унга тузатишлар киритишга мажбур қилди. Ўтган аср бошида фақатгина ажрашишдан кейин аёлларга 6 ойгача қайта турмушга чиқишни тақиқлаш билангина бу орада туғилган боланинг отасини аниқлаш борасида хатоликдан қочиш мумкин, деб ҳисобланган. Бироқ қонунга қарши чиқувчиларнинг айтишича, бу усул ирсий таҳлилнинг ишончли усуллари ишлаб чиқилган бизнинг замонимизда кулгили ҳисобланади.

Қадимий қонун 6 ойлик давр ичида туғилган болаларни боши берк ҳуқуқий вазиятга қўйган. Кўпинча боланинг отаси ҳуқуқий жиҳатдан унга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган эркак ҳисобланган. Боланинг ҳақиқий отаси эса амалдаги қонунлар бўйича оталик қилишга даъвогарлик қила олмаган. Натижада бундай болалар умуман ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган, бу эса кўплаб муаммоларни келтириб чиқарган.

Аввалроқ бундай қонунлар Франция, Германия ва Жанубий Кореяда ҳам амал қилган, бироқ эскириб қолган деб топилиб, бекор қилинган.