Россия энергетика вазирлиги ишлаб чиққан Россия нефть соҳасини 2035 йилга қадар ривожлантириш бош схемасига кўра, Россияда нефть қазиб олиш ҳажми 20 йилдан кейин энг яхши вазиятда 1,2 фоизга, энг ёмон вазиятда 46 фоизга камайиши мумкин. Бу ҳақда "Ведомости" нашри хабар бермоқда.

Бош схема 2011 йилда қабул қилинган, 2020 йилгача амал қиладиган схеманинг ўрнини босиши керак. Таҳлил учун асос қилиб 2014 йил олинган, Urals нефти учун нарх эса 2020 йилда 80 доллар, 2030 йилда эса 97,5 доллар қилиб олинган.

Нашрнинг таъкидлашича, схемада 4 та сценарий кўриб чиқилган: мақбул нархлар, 2016 йилдан кеч бўлмаган муддатда санкцияларнинг бекор қилиниши, солиқ юкламасининг оптималлаштирилишини назарда тутувчи ўртамиёна сценарий, базавий сценарий ҳамда нефть учун паст нархлар ва санкцияларнинг сақланиб қолинишини кўзда тутувчи минимал сценарий.

Схемада кўрсатилишича, ҳозирда ўзлаштирилаётган конлар 2035 йилгача нефть қазиб олиш ҳажмининг ярмини таъминлашга қодир, қолган ҳажм эса геологик-қидирув ишлари натижасида исботланган захираларнинг ўсиши ҳисобига қопланади.

Энергетика вазирлиги нефть қазиб олиш ҳажми камайиб кетмаслиги учун хусусий компанияларга шельфда нефть олишга рухсат бериш, солиқ юкламасини юмшатиш, кичик ва ўртача компанияларнинг мақомини мустаҳкамлаш ва уларга кўмак кўрсатишни таклиф қилмоқда. Шунингдек, кўп олтингугурт сақловчи ва ўта қовушқоқ нефтни қайта ишлашни рағбатлантириш таклиф қилинмоқда.

Бош схемада, шунингдек, газ конденсати олиниши 20 йилдан кейин 37 фоиздан 74 фоизгача ошиши мумкинлиги кўрсатилган. Европа давлатларига Россия мазути ва дизель ёнилғиси экспорти 2014 йилга нисбатан 2035 йилгача 10-14 фоизга ошади. Хитой 2035 йилга қадар Россия нефти экспортини 2014 йилга нисбатан 1,8-2,2 марта оширади.