6 март куни БАА ҳудудидаги саҳрода денгиз суви ёрдамида озиқ-овқат ва ёнилғи етиштиришга ихтисослашган дунёнинг биринчи илмий-тадқиқот маркази ўз фаолиятини бошлади.

Майдони икки гектардан иборат ноёб мажмуа Абу Дабининг Масдар шаҳрида жойлашган бўлиб, Масдар фан ва технологиялар институти томонидан бошқарилади ва Барқарор биоэнергетика тадқиқоти консорциуми томонидан молиялаштирилади.

БАА иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазири Тани Аҳмад Ал Зиёвиддиннинг сўзларига кўра, бундай лойиҳа тадқиқот ва инновациялар БААнинг ижтимоий ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал этишга ёрдам беради.

“Бу лойиҳа барқарор биоэнергетикадан ташқари, сув маҳсулотлари саноатини ҳам ривожлантиришда ва озиқ-овқат мустақиллигини таъминлашда ёрдам беради”, - деб фикр билдирди вазир.

Илмий-тадқиқот марказида қирғоқ олди денгиз сувида етиштирилган балиқ ва креветкалар озиқ-овқат ишлаб чиқаришда фойдаланилади, уларнинг озуқага бой чиқинди сувлари эса авиация биоёқилғисини олиш учун ишлатиладиган ёғларга бой ўсимликларни етиштиришда ўғит сифатида фойда келтириши режалаштирилган.

Амалиётнинг сўнгги қисмида, чиқинди суви хонакилаштирилган мангров ўрмонларига йўналтирилади, у ерда сувдаги озуқавий моддалар йўқолиб, зарур фойдали углерод билан таъминланади. Кейинчалик табиий йўл билан фильтрланган оқава сувлар денгизга қайтариб юборилади.

2011 йилда самолётлар учун муқобил ёнилғи тасдиқлангач, 2000дан зиёд тижорат парвозлари барқарор биоёқилғи орқали амалга оширилган.

Биоэнергетика билан узвий равишда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув ва углерод чиқиндиларини камайтириш – ушбу илмий-тадқиқот марказининг асосий мақсади ҳисобланади.

Агар лойиҳа ўз самарадорлигини кўрсатса, марказ майдони 200 гектаргача кенгайтирилади.