Fiscal Times интернет-нашри нефть нархи бундан буён ошишининг аломатларини санаб ўтди.

"Нефть ишлаб чиқарувчилар хурсанд бўлинг! Бозорнинг тўлиб-тошиши билан боғлиқ бўлган тарихдаги энг ёмон инқирозлардан бири яқин орада тугайди", деб ёзилмоқда нашрда.

Нашр бу фикрини PRICE Future Group фирмасининг энергетика масалалари бўйича таҳлилчиси Фил Флинннинг далилларига иқтибос келтирган ҳолда асосламоқда. Флинн июлда "қора олтин" нархи 70 долларга яқинлашади, деб ҳисобламоқда.

Бунинг биринчи аломати сифатида Флинн америкалик нефть ишлаб чиқарувчиларнинг нефть қазиб олишни камайтиришини айтмоқда. Таҳлилчининг фикрича, АҚШда қазиб олинадиган нефть ҳажми бу ёзда 9 млн баррелдан 8 млнгача камайиши мумкин.

Флинн айтаётган иккинчи аломат – ОПЕК аъзолари ва бошқа давлатлар нефть қазиб олиш ҳажмини музлатишидир.

Барча нефть қазиб олувчи давлатлар ҳам бир-бири билан яхши муносабатда эмас, бироқ ҳозирда нефть муҳимроқдир. "Ҳозир ҳамма зарба остида. Ҳеч ким бу ўйинни ўйнашда давом этишни ўзига эп кўролмайди", деб айтмоқда Флинн.

Учинчи аломат – Эрон нефти нефть тармоғидаги вазиятнинг ривожланишига кучли таъсир қила олмайди.

Ҳозирда Эрон нефти бозорда пайдо бўлган вақтда бир муаммо вужудга келди: компаниялар нефтга пул тикишга тайёр эмаслар. "Эронда нефть қазиб олиш кутилгандан секинроқ боради", деб айтди Флинн.

Охирги аломат Хитой билан боғланган. "Дунёдаги энг йирик нефть импортёрида иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши нефть секторига кутилгандек зиён етказмайди", деб айтмоқда таҳлилчи.

Хитойда ёнилғига талабнинг камайиши ва бозорлар қулаши кутилганди, бироқ бозорларда ҳам вазият озми-кўпми барқарорлашган, нефть импорти эса рекорд даражада қолмоқда.