Forbes журнали 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан инсониятнинг гўзал жуфтининг энг бой вакиллари рўйхатини чоп этди. 2016 йилги миллиардерлар рейтингидан 190 нафар аёл ўрин олди.

Бадавлат аёллар Forbes глобал рейтингининг 10 фоизидан сал кўпроғини ташкил қилади, ҳаммаси бўлиб бу рейтингда 1810 нафар сайёрамизнинг энг бадавлат одамлари номлари келтирилган. Сайёрамизнинг энг бой 100 кишиси рўйхатидан 8 аёл ўрин олган. Уларнинг умумий бойлиги 174,5 млрд долларни ташкил қилади. Қуйида энг бадавлат 5 аёл ҳақида маълумот берамиз.

93 ёшли франциялик Лилиан Бетанкур сайёрамизнинг энг бадавлат аёли ҳисобланади (глобал рейтингда 11-ўрин), унинг оиласи атир-упа ишлаб чиқарувчи гигант – L'Oreal компаниясининг 30 фоиздан кўпроқ акциясига эгалик қилади. Бу компанияга унинг отаси 1907 йилда асос солган. Лилиан Бетанкур отасининг 1957 йилдаги ўлимидан кейин ҳуқуқий жиҳатдан бу империянинг ягона вориси ҳисобланади. Лилиан Альцгеймер касаллигидан азият чекади, суд аёлга унинг катта набираси 25 ёшли Жан-Виктор Мейерни васий қилиб тайинлаган. Жан-Виктор компания бошқарувини ўз қўлига олган. Бетанкур 36,1 млрд долларлик бойликка эга.

Глобал рейтингнинг 16-ўринини 66 ёшли Элис Уолтон эгалламоқда. Унинг бойлиги 32,3 млрд долларни ташкил қилади. Элис Wal-Mart компаниясининг асосчиси Сэм Уолтоннинг қизи ҳисобланади. Сэм Уолтон бу супермаркетлар тармоғига 1962 йилда асос солган. Элис ўзининг укалари Роберт ва Жим Уолтондан фарқли ўлароқ, тадбиркорликдан анча йироқ бўлиб, коллекционерлик билан шуғулланади.

Энг бадавлат аёллар учталигини 76 ёшли Жаклин Марс (глобал рейтингда 23-ўрин) якунламоқда. Унинг бойлиги 23,4 млрд долларни ташкил қилади. Аёл дунёдаги энг йирик қандолатчилик компанияси "Mars"га эгалик қилувчи Марслар оиласининг 3-авлод вакиласи ҳисобланади. У бу компанияни икки укаси билан 1999 йилда отаси Форрест Марс вафотидан кейин мерос қилиб олган.

4-ўринни 98 ёшли монаколик Франка Фиссоло (глобал рейтингда 30-ўрин) эгалламоқда, унинг бойлиги 22,1 млрд долларни ташкил қилади. У "Ferrero" компанияси асосчиси, турмуш ўртоғи Мишель Ферреро 2015 йил февралда вафот этгандан кейин унинг бойлигини мерос қилиб олган.

Ва ниҳоят энг бадавлат аёллар рейтингида 5-ўринни 53 ёшли Сюзанна Клаттен (глобал рейтингда 38-ўрин) эгалламоқда. Германиялик аёл 18,5 млрд доллар бойликка эга. Сюзанна BMW автоконцернининг 12,6 фоиз акциясига эгалик қилади. Аёл онаси вафот этгандан кейин укаси Стефан Квандт билан BMW’нинг ярим акциясига эгалик қилади.

Москванинг собиқ мэри Юрий Лужковнинг рафиқаси Елена Батурина Россиянинг энг бадавлат аёли ҳисобланиб, у 1,1 млрд доллар бойлиги билан энг бадавлат одамлар рўйхатидан 1577-ўринни эгалламоқда. Дарвоқе, Батурина бугун, 9 мартда ўзининг 53 ёшини қаршилайди.