Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш ёхуд ниқоб ортидаги динимиз душманлари” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ўтказилди.

Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган мулоқотдан кўзланган асосий мақсад талаба ёшларни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилаётган турли бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши иммунитетни шакллантиришда тушунтириш ишларини олиб боришдан иборат бўлди.

Тадбирда сўзга чиққан университет ректори Шуҳрат Қаюмов мазкур муҳокамалар талабаларда глобал дунёдаги мавжуд қарама-қаршиликларга нисбатан тўғри фикр юритиш, турли ахборот оқимларини саралашни ўргатишда муҳим рол ўйнашини алоҳида таъкидлади.

ЎзДЖТУ профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг мавзу бўйича саволларига жавоб қайтариш асносида ташкилотчилар айнан диний экстремизм ва терроризмнинг хавфли оқибатлари акс этган видеолавҳани намойиш қилишди.