Ўзбекистон ҳукумати 2016-2019 йилларда Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ва шаҳарлар ташқи ёритиш тизимини диодли чироқлар технологияси асосида модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди.

Дастур Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 мартдаги қарори билан тасдиқланган.

Қарорда белгиланишича, ташқи ёритиш тизими мосламаларини етказиб бериш ва ўрнатиш бўйича таклифлар лойиҳани тайёр ҳолда топшириш шарти билан тендер савдосисиз маҳаллий ишлаб чиқарувчилар орасидан танлаб олинади.

Дастурни молиялаштиришга маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар бюджетлари, Молия вазирлиги қошидаги Республика йўл жамғармасидан ажратилади.