Хакерлар Нью-Йоркдаги Федерал захира банки (АҚШ Федерал захира тизимига киради) электрон тизимига кириб, ундаги ҳисоб рақамлардан биридан 100 млн долларга яқин пул ўғирлашган. Бу ҳақда Yahoo News маълум қилмоқда.

Бу пуллар олтин-валюта захираларининг бир қисмини ФЗТда сақлаган Бангладеш Марказий банкига тегишли бўлган.

Вазиятдан хабардор манбанинг маълумотларига кўра, ўғирланган пуллар Филиппин ва Шри-Ланкадаги ҳисоб рақамларга ўтказилган. Бангладеш Марказий банки пуллар камида Филиппиндаги учта казинога пул ювиш учун ўтказилганини аниқлаган. Бангладеш Марказий банкига яқин манбанинг фиқрича, бу кибержиноят ортида хитойлик хакерлар турган бўлиши мумкин.

Нью-Йоркдаги Федерал захира банки вакиллари транзакциялар вақтида тизимга бузиб кирилиш ҳолати аниқланмаганини айтишган. ФЗТ вакиллари тўловнинг амалга оширилгани ҳақидаги буйруқ SWIFT тизими томонидан тасдиқланганини таъкидлаб ўтишган.

Аввалроқ 17 февралда Россия Марказий банки бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Швецов 2015 йил 27 февралда рублнинг кучли ўзгаришига Қозондаги "Энергобанк" трейдинг тизимига ҳужум уюштирган номаълум хакер сабабчи бўлганини маълум қилганди. Ўшанда долларнинг нархи қисқа фурсат ичида 5 рублга кескин кўтарилиб, сўнгра тушиб турган.