Ёзги трансферлар вақтида «Манчестер Юнайтед»нинг Англия терма жамоасига номзод ҳужумчиси Уэйн Руни Хитойга йўл олиши мумкин. Бу ҳақда журналист Пирс Морганга асосланган ҳолда The Daily Mail нашри хабар тарқатган.

Манбада ёзилишича, ушбу футболчига Хитой Суперлигаси иштирокчиси «Шанхай Теллэйс» жамоасидан қизиқиш мавжуд. Хитойликлар унга 3 йиллик шартнома ва йилига 100 миллион евролик маош таклиф қилишгани айтилган.

"20 февраль куни Руни билан телефон орқали мулоқот қилдим. Ундан «Шанхай Теллэйс» жамоасидан таклиф борлиги ҳақидаги маълумотга ойдинлик киритишини сўрадим.

У буни тасдиқлади. Рунидан қанча маош таклиф қилишаётгани ҳақида сўраганимда, аввалига у кулди ва кейин бу маблағ жуда катталигини айтди. Оғзим очилиб қолди. Унга солиқларни чиқариб ташлаган ҳолда 8та нолли рақамда ифодаланадиган маош тўлашмоқчи", деб ёзади Морган.

Агар бу трансфер амалга ошса, Руни дунёдаги энг юқори маош тўланувчи футболчига айланади.

Жорий мавсумда 30 ёшли Руни «Манчестер Юнайтед» сафида 22 ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урди ва 4та голли узатма муаллифи бўлди.

Февраль ойида аргентиналик ҳужумчи ПСЖдан Хитойнинг «Хэбэй Форчун» жамоасига ўтди. Унга йилига 30 млн евролик маош тайинлашган. Бу жамоанинг яна бир янги легионери, «Рома»дан трансфер қилинган Жервиньо эса йилига 8 млн евро олади.