Норвегиянинг Ny Tid нашри мухбири Эйстейн Виндстад Чеченистон билан чегара яқинида Ингушетияда номаълум шахслар журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари микроавтобусига ҳужум қилгандан кейин интервью берди. Босқинчилар одамларни дўппослаб, сўнгра уларнинг автомобилини ёқиб юборган.

"Бу жуда даҳшатли бўлди, мен ўламан деб ўйлагандим. Мен ўша пайтда рафиқам билан охирги марта хайрлашиш керак деб ўйлагандим", деб айтди Виндстад Aftenposten газетасига берган интервьюсида.

Журналист босқинчилар уни машинадан олиб чиқишга уриниб, уни калтак ва ўткир нарсалар билан калтаклашганини айтди.

"Биз Чеченистон чегарасига яқинлашганимизда бизнинг машинани учта машина қувлаб ўтди ва йўл четига сиқди. Машинадан узун калтаклари бўлган эркаклар сақраб тушиб, машинамиз ойналарини синдириб, ҳаммани ташқарига тортиб чиқаришни бошлашди", деб қўшимча қилди Винстад.

Ниқоб кийиб олган босқинчилар журналистларнинг телефонларини тортиб олган. Журналистнинг айтишича, бу олдиндан режалаштирилган ҳужум бўлган.

Винстад айни пайтда бошқа жабрланганлар билан шифохонада эканини айтган. У ОАВда воқеанинг ёритилиши журналистларнинг шахсий хавфсизлигига ёрдам беришига ишончи комиллигини айтди. Винстад аэропортга йўлда яна ҳужумга учрашдан қўрқаётганлигини қўшимча қилди.

"Бу ерда жазоланмаслик ҳукм суради. Мен бу ердаги одамларга бу ерда яшаш қанчалик қўрқинчли эканини ўйлаяпман", деб ўз сўзини якунлади Винстад.

Ингушетиядан Грознийга йўлда – "Кавказ" федерал трассасида Қийноқларнинг олдини олиш қўмитасининг мобиль гуруҳига ҳужум қилинган. Гуруҳ кетаётган микроавтобусда қўмита ходимлари, ҳайдовчилар ва "Медиазона", The New Times журнали мухбирлари ҳамда швециялик ва норвегиялик журналистлар бўлган.