Нью-Йорк ва Гонконг миллиардерлар сони бўйича етакчилик қилмоқда

Жаҳон 10 Март 2016 2291

Forbes журналига кўра, Нью-Йорк ўз ҳудудида яшайдиган миллиардерлар сони бўйича жаҳондаги 25 та энг йирик шаҳарлар ўртасида 1-ўринни эгаллади. АҚШнинг бош мегаполисида 79 миллиардер яшаши маълум бўлди. Уларнинг умумий бойлиги 364 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади. Нью-Йоркнинг энг бой вакили унинг собиқ мэри, 40 млрд долларлик бойликка эга Майкл Блумберг ҳисобланади.

2-ўринни 68 миллиардерга эга Гонконг эгалламоқда. Бу ерда яшовчи милилардерларнинг умумий бойлиги 261,3 млрд долларни ташкил этади. Мегаполиснинг энг бадавлат одами CK Hutchison Holdings компанияси раҳбари Ли Ка Шинг ҳисобланади. Унга тегишли бойлик 27,1 млрд долларни ташкил қилмоқда.

3-ўринни эса Москва эгалламоқда. Россия пойтахтида 60 нафар миллиардер истиқомат қилади, уларнинг жами бойлиги 217 млрд долларга яқинни ташкил қилади. Россияда ҳаммаси бўлиб 77 миллиардер яшайди. Россияликлар ўртасида энг бадавлат одам НОВАТЭК ва "Сибур" компаниялари эгаси Леонид Михельсон бўлмоқда. Унинг бойлиги 14,4 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Миллиардер сони бўйича энг йирик шаҳарлар ўнталигидан, шунингдек, Пекин (51 миллиардер), Лондон (48), Мумбай (32), Шанхай (31), Сеул ва Шэньчжэнь (30 нафардан) ҳамда Сан-Франциско (28) ҳам ўрин олди.

Рейтингнинг охирги поғонасини Женева эгалламоқда. Бу шаҳарда 13 миллиардер яшайди. Шаҳарнинг энг бадавлат одами россиялик миллиардер Геннадий Тимченко ҳисобланади, унинг давлати 11,4 млрд долларга баҳоланган.

Кўпроқ янгиликлар