Россиянинг Биринчи канали ва НТВ телеканали 29 февралда бир вақтнинг ўзида параллел равишда бир хил экспертлардан иборат ток-шоуларни жонли эфирда кўрсатдилар.

Биринчи каналдаги "Время покажет" ва НТВдаги "Место встречи" кўрсатувлари "жонли эфир" белгиси остида бир вақтнинг ўзида эфирга узатилди. У кўрсатувда ҳам, бунисида ҳам бир хил одамлар, ўша-ўша кийимда иштирок этганлар. Биринчи каналда йўл-транспорт ҳодисаси келтириб чиқарган актёр Валерий Николаевнинг хатти-ҳаракати, НТВда эса Суриядаги вазият муҳокама қилинган.

"Время покажет" ток-шоуси бошловчиси Пётр Толстой кўрсатувнинг 13-дақиқасида ўз қулоқчинига продюсердан кўрсатувда иштирок этаётган Давлат думаси депутати Михаил Старшинов бошқа каналда ҳам "жонли эфирда" кўрсатилаётгани ҳақида хабар олган. Бундан Биринчи каналдаги кўрсатув ҳақиқатда ҳам жонли эфирда кетгани ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Бошловчи продюсердан сигнал олгандан кейин Старшиновга "Сизга Сурия бўйича мутахассис сифатида жонли эфирда долзарб масалалар бўйича гапиришингизга имконият бермоқчиман. Шунчаки, ҳозир сиз бошқа каналда шу ҳақда гапираётган экансиз", деб киноя билан мурожаат қилган. Старшинов шу вақтда бошқа кўрсатувда Сурия ҳақидаги фикрлари билан бўлишаётган бўлган.

Кейинроқ Биринчи каналдаги мунозарага параллел равишда НТВда кўрсатилаётган бошқа меҳмонлар ҳам қўшилган. "Время покажет" кўрсатувининг Сурияга бағишланган иккинчи қисмида бир қатор меҳмонлар ҳам ўз фикрларини билдиришган. Уларнинг барчаси НТВдаги "жонли эфирда" иштирок этганлар ва айнан бир хил кийимда бўлганлар.

"Время покажет" ва "Место встречи" 29 февралда бир хил вақтда, яъни соат 13:55 да бошланган. "Время покажет" 15:00 да якунланган, "Место встречи" эса 5 дақиқага вақтлироқ тугаган.

Эфирга узатилган "Места встречи" кўрсатуви ток-шоунинг илк сони бўлган. Унинг формати "Время покажет"никига ўхшаш бўлиб, иккала кўрсатувни ҳам бир аёл ва бир эркак бошловчи олиб боради. Биринчи каналдаги кўрсатувни Пётр Толстой ва Екатерина Стриженова, НТВдаги кўрсатувни эса Андрей Норкин и Ольга Белова олиб борадилар. Кўрсатувлар ёзилган студия ҳам деярли иккала кўрсатувда бир хил кўринишда бўлган, деб таъкидланмоқда.